Трамп сайлов штабининг собиқ раҳбари ва унинг ҳамкори уй қамоғига олинди

Дональд Трампнинг сайлов штаби собиқ бошлиғи Пол Манафорт.

Дональд Трампнинг сайлов штаби собиқ бошлиғи Пол Манафорт ва унинг ҳамкори Рик Гейтс Вашингтон Федерал судида 30 октябрь куни ўзларига билдирилган 12 пунктдан иборат айбловни инкор этишди.

Вашингтон Федераль суди тергов якунлангунига қадар Манафорт ва Гейтс мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уларни уй қамоғига ҳукм этди. Бундан ташқари суд Манфортга 10 миллион доллар, Гейтсга 5 миллион доллар гаров пули белгилади. Гаров пули тўланган тақдирда айбланувчилар уй қамоғидан бўшатилиши мумкин.

30 октябрь куни судда Трамп сайлов штабининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси бўлган Жорж Пападопулос ўзининг Россия билан муносабатлари тўғрисида Федерал Тергов бюросига ёлғон маълумот берганини тан олди. Пападопулос июль ойида ҳибсга олинган эди.

Оқ Уй матбуот котиби Сара Хаккаби Сандерс 30 октябрда мазкур воқеаларни шарҳлар экан:

-Бугунги кунда эълон қилинган хабарлар президентга алоқадор эмас ва бу воқеалар сайлов жараёнига ёки президентнинг сайлов кампаниясига таалуқли эмас, -деб айтди.

Пол Манафорт ва унинг ҳамкори Рик Гейтсга эълон қилинган айбловлар орасида федерал лоббичилик қоидаларини бузганлик, пул ювиш ва АҚШга қарши фитна каби айбловлар мавжуд.

Манафорт Дональд Трампнинг сайлов штабини 2016 йилнинг июнь-август ойларида бошқариб турган. Унга нисбатан айблов билдирилгани 30 октябрда Адлия вазирлиги томонидан хабар қилинган эди.