АҚШ сенатида Россиянинг ижтимоий тармоқлардаги тарғиботи юзасидан тинглов ўтказилди

Сенатор-демократ Дайанн Фейнстейн.

АҚШ сенатида 31 октябрь куни биринчи марта Россиянинг ижтимоий тармоқлар орқали америкалик сайловчиларга таъсир кўрсатиш ҳаракати юзасидан махсус тинглов ўтказилди.

Тингловда Facebook, Google ва Twitter каби йирик ижтимоий тармоқлар раҳбарияти вакиллари ҳам иштирок этдилар.

-Россия АҚШдаги президентлик сайловига таъсир кўрсатиш мақсадида маълумотларни қўлга киритиш учун яширин киберҳужумларни уюштирган. Шунингдек, РТ, “Сегодня” каби телевизион ва интернет тармоқларда тарғибот билан шуғулланган. Маълумотларга қараганда, профессионал троллар Путиннинг яқин ҳамкори, рус разведкасига яқин бўлган шахс томонидан молиялаштирилган. Бизга Facebook, Twitter ва Google тақдим этган маълумотлар мана шуларни тасдиқламоқда, -деди тингловда сўзлаган сенатор-демократ Дайанн Фейнстейн.

Тинглов арафасида Facebook Сенатга 2015-2016 йилларда 126 миллион америкалик Россия “троллар фабрикаси” томонидан АҚШ президентлик сайловига таъсир кўрсатиш мақсадида ишлаб чиқилган ва тарқатилган реклама ҳамда сайловолди тарғиботини кўргани тўғрисида маълумот берган. Унда айтилишича, “троллар фабрикаси” томонидан Facebook тармоғига 80 мингта пост жойлаштирилган.