Линклар

Твиттер ижтимоий тармоғи Россия билан боғлиқлиги гумон қилинган 200 та аккаунтни ёпиб қўйди, чунки улардан Russia Today (RT) телекомпанияси жойлаштирган 2000 га яқин реклама топилди. Айни ижтимоий тармоқ ҳам АҚШда 2016 йилда бўлиб ўтган президент сайловига Россиянинг таъсир кўрсатишга урингани юзасидан тафтиш ўтказмоқда.

Твиттер раҳбарлари 28 сентябрь куни АҚШ Конгрессининг разведка масалалари бўйича қўмитасига ушбу натижалар хусусида ахборот берди.

Компания вакилининг онлайн блогда ёзишича, Фейсбук ижтимоий тармоғидаги 450 та сохта аккаунтга бевосита боғлиқ 22 та Твиттер аккаунтини аниқлаб, ўчириб ташлади. Фейсбук ходимлари ўша аккаунтларнинг Россиянинг АҚШ сайловига аралашишга алоқаси бўлганини айтмоқда.

“Фейсбук яқинда ўз тафтиши натижаси ўлароқ 450 ка яқин аккаунт ҳақидаги маълумотни ошқор қилди ва биз ҳам ўша сохта аккаунт эгаларидан 22 нафарининг Твиттерда ҳам тегишли аккаунти бўлган, деган хулосага келдик”, дейилади ўша блогда.

Яна айтилишича, ўша аккаунтларнинг фаолияти Твиттернинг спамга қарши қоидаларини бузгани учун тўхтатилди, яъни ўша аккаунт эгалари интернетни айни хабар ёки ҳавола нусхалари билан тўлдириб ташлаган.

Компания вакили Россиянинг Фейсбукдаги аккаунтлари билан боғлиқ яна 179 та сохта аккаунт аниқланганини ва ўша шубҳали аккаунтлар фаолияти компания қонун-қоидаларини бузгани учун тўхтатиб қўйилганини хабар қилди.

Маълум этилишича, давлатга қарашли ва Кремль сиёсатини тарғиб қилувчи RТ телекомпанияси Твиттердаги рекламаларга 271,100 доллар ажратган ҳамда сайлов йилида АҚШ бозорига мўлжалланган 1823 та хабарни тарқатган.

Фейсбук вакили сайлов кампанияси даврида Россия тарғиботи билан боғлиқ 100,000 АҚШ долларилик реклама сотиб олинганини айтган эди. Шундан сўнг АҚШ парламенти аъзолари ижтимоий тармоқлардаги бундай рекламалар учун қатъий тартиб жорий этиш таклифи билан чиқди.

RТ телекомпанияси бош муҳаррири Маргарита Симонян Твиттердан реклама сотиб олинганлик ҳолатларини ҳимоя қилиб чиқди. У RТнинг Ғарбда жамоатчилик фикрини чалғитишга йўналтирилган ва давлат қўллаб-қувватлаган ижтимоий тармоқ кампанияларига аралашиб қолганлик ҳақидаги гумонларни ўзидан соқит қилмоқчи бўлган кўринади.

Симонян 29 сентбярь куни RТнинг Твиттердан реклама сотиб олгани оддий тижорат амалиёти бўлганини, лекин бу ҳолат АҚШнинг ички ишларига аралашиш деб нотўғри талқин қилинганини айтди, деб хабар қилади Россиянинг РИА давлат ахборот агентлиги.

– Энди биз бор гапни тан олишимиз керак, – деди Симонян киноя билан. – биз аэропортларда, таксиларда, эълонлар тахтасида, интернет ва радиода ҳам рекламага пул сарфладик. Рекламаларимиз ҳатто CNN орқали ҳам намойиш этилди.

Лекин АҚШнинг парламент аъзолари Твиттердаги сохта аккаунтларнинг фош этилиши Россиянинг сайлов натижаларига таъсир кўрсатишга уринишлари ҳақидаги гумонларга қўшимча ойдинлик кирита олмаганидан таассуфда.

Парламентнинг иккала партияга ҳам мансуб аъзолари ижтимоий тармоқлар Москванинг тарғибот деб аталаётган ишларини амалга оширишида етакчи роль ўйнаганини ҳамда Қўшма Штатларда сиёсий жанжалга ва Дональд Трампнинг президент этиб сайланишига сабаб бўлганини айтмоқда. Москва бундай иддаоларни рад этиб келаётир.

Твиттер ҳам Фейсбук ортидан сиёсий рекламани фош қилувчи тартиб-қоидаларини такомиллаштирмоқчи экани хабар қилинди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG