Нақд пул топширилишини назорат қилувчи қўшма корхона ташкил этилмоқда

Иллюстратив сурат.

“Ўзбектелеком” Online Technologies Systems ширкати билан ҳамкорликда банкларга нақд пул топширилишини назорат қилувчи қўшма корхона ташкил этади.

Sputnik нашрининг 6 ноябрда хабар беришича, қўшма корхона ташкил этиш юзасидан “Ўзбектелеком” ва Online Technologies Systems ўртасида меморандум имзоланган. Айни пайтда меморандум асосида ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Хабарда айтилишича, нақд пул топширилиши назорат-касса апаратларига уланган тизим воситасида кузатиб борилади ҳамда бу ҳақдаги маълумотлар онлайн режимда солиқ идораларига етказиб турилади.

Мазкур қўшма корхонани рўйхатдан ўтказиш ва 5 миллион доллар миқдоридаги низом капиталини таъминлаш жараёни 2017 йилнинг 1 декабригача якунланиши реажалаштирилган.

Қўшма корхона 2018 йилнинг 1 январидан 30 мартгача тажриба синовларини ўтказади, 2018 йилнинг 1 декабридан эса республика бўйлаб ўз фаолитини бошлайди.