Комилов Испанияда, Арипов Германияда бизнес форум ўтказмоқда

Бош вазир Абдулла Арипов 14-17 ноябрь кунлари Германияда бўлади.

Испания ва Ўзбекистон ўртасида 13 ноябрь куни иқтисодиёт ва саноат соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум ҳамда Ўзбекистон ва Испания савдо-саноат палатлари ўртасидаги ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, мазкур ҳужжатлдар Мадридда ўтган Испания - Ўзбекистон бизнес форуми доирасида имзоланган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раҳбарлигидаги делегация Испаниядадаги етакчи ширкатлар вакиллари билан алоҳида учрашувлар ўтказишни ҳам режалагани расмий хабарда таъкидланган.

12-15 ноябрь кунлари Ўзбекистон делегацияси Испания Сенати, Ташқи ишлар ва ҳамкорлик вазирлиги, Иқтисодиёт, саноат ва рақобат вазирлиги ҳамда Савдо палатаси раҳбарияти билан музокаралар ўтказади.

Ташқи ишлар вазирлиги маълумотида айтилишича, ўзбекистоннинг Испания билан 2017 йил январь-июль ойларидаги товар айрибошлаши 71,5 миллион долларни ташкил қилади.

14-17 ноябрь кунлари Испанияда ўтгани каби бизнес форум Германияда ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Германияга борадиган Ўзбекистон делегациясига бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади.

Расмий хабарда Абдулла Ариповнинг Германия марказий ҳукумати расмийлари билан учрашувлар ўтказиши ёки ўтказмаслиги борасида маълумот берилмаган.

Хабарда айтилишича, Арипов Бавария Федерал ери бош вазири Хорст Зеехофер билан учрашади, холос.