Ҳар тўрт жиноятдан бири ишсизлар томонидан содир этилмоқда

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда жиноят содир этганларнинг 16 мингдан кўпроғи ёки ҳар тўрттадан биттаси ишсиз. Бу ҳақда 15 ноябрь куни президент Мирзиёев иштирокида жиноятчиликка қарши кураш масаласида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда таъкидланишича,профилактика инспекторлари тизими фаолиятини жонлантиришга қаратилган тадбирлар “жорий йилнинг 10 ойи мобайнида умумий жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга, шундан талончилик 16 фоизга, босқинчилик – 19 фоизга, қотиллик – 21 фоизга, товламачилик – 22 фоизга, безорилик – 34 фоизга камайишига эришилди”.

Расмий хабарда билдирилишича, аёллар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари 16 фоизга, ёшлар ўртасида 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида 17 фоизга камайди.

Бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи ҳам муҳокама этилди.

Маълум қилинишича, ўтган 10 ойда 8 мингга яқин йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган ва бунинг оқибатида 2 минг 31 одам ҳалок бўлган, 7 минг 622 одам жароҳатланган. Бу ҳодисаларнинг асосий сабаби йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятининг сустилигида экани таъкидланди.