1 январдан сув ва оқова учун юз фоиз олдиндан ҳақ тўланади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2018 йил 1 январдан бошлаб истеъмол қилинадиган ичимлик суви ва оқовалар учун олдиндан юз фоиз ҳақ тўлаш жорий этилади. Президент бу борадаги қарорни 16 ноябрь куни имзолади.

Ҳужжатдан маълум бўлишича, аввалдан ҳақ тўламагани учун сув тизимидан узиб қўйилган истеъмолчи тизимга қайта уланса, энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробаридан 10 баробаригача ҳақ тўлайди.

“Ҳужжат республика аҳолисини барқарор равишда сув билан таъминлашни хавф остига қўйган вазият пайдо бўлгани, шунингдек, вазиятни яхшилаш учун тезкор чора-тадбирлар кўриш зарурати ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинди”, дейилади президент қарорига берилган расмий шарҳда.

Ичимлик суви ва оқовалар учун ҳақни истеъмолчилардан ундириш Бош прокуратура қошидаги Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилади. Шу муносабат билан қарорда “Сувоқова” ва “Сувсоз” давлат унитар корхоналаридаги назоратчилар штат бирликлари қисқартирилади.