Мирзиëев яна бир янги вазирлик ва жамғарма тузишга фармон берди

Президент Шавкат Мирзиëев.

Президент Шавкат Мирзиëевнинг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида” деб номланган янги фармони 29 ноябрь куни расман эълон қилинди.

Фан ва технологияларни ривожлантириш соҳасида Ўзбекистондаги жорий аҳвол танқид қилинган фармонда¸ “инновацион ғоялар ва технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш соҳасида давлат бошқарувининг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш” зарурати борлиги айтилади.

Шундан келиб чиқиб президент мамлакатда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги¸ ҳамда Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этишни буюради.

Мазкур тузилмаларнинг асосий фаолият йўналиши давлат ва жамият қурилишига, иқтисодиёт тармоқларига, қишлоқ хўжалигига, ижтимоий ривожланишга, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш тизимига инновацияларни жорий этиш билан боғлиқ бўлади.

Кун.уз нашри хабарига кўра¸ янги вазирликка Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти Иброҳим Абдураҳмонов раҳбар этиб тайинланган.