Буюк ўзбек мутафаккирларининг Афғонистондаги мозорлари обод этилади

Ашраф Ғани ва Шавкат Мирзиёев журналистлар учун брифинг ўтказди.

Тошкент Кобул билан ҳамкорликда Афғонистонда дафн этилган буюк ўзбек мутафаккир олимлари мозорларини ободонлаштиради. Бу ҳақда Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан Тошкентда ўтган музокаралардан сўнг президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди

ЎзАнинг билдиришича, музокараларда 2018 йилда Афғонистонда Абу Райҳон Беруний илмий меросига бағишланган халқаро анжуман ўтказишга ҳам келишилган.

Расмий хабарга кўра¸ икки давлат делегациялари сўзлашувлари якунида ўзаро сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган 20 ҳужжат имзоланган.

Ашраф Ғани расмий ташриф билан Ўзбекистонга 4 декабрь куни келган эди. Унинг ташрифи 6 декбаргача давом этади. Сафар доирасида Ашраф Ғани Бухорони зиёрат қилиши ҳам режалаштирилган.