Озиқ-овқат импортидаги монополияга чек қўювчи фармон лойиҳаси муҳокамага қўйилди

18 декабрь куни Ўзбекистон президентининг “Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатлари муҳокамага қўйиладиган regulation.gov.uz сайтида фақат рус тилида эълон қилинган мазкур ҳужжат муаллифи сифатида Бош прокуратура кўрсатилган.

Фармон лойиҳасида Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишнинг монополлашгани боис сунъий равишда айрим товарлар тақчиллиги яратилиб¸ улар нархининг асоссиз равишда оширилгани танқид қилинади.

Мазкур вазиятга барҳам бериш мақсадида президент фармони лойиҳаси “айрим хўжалик субъектларига мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кириш бўйича тақдим этилган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзларини 2018 йил 1 февралидан бекор қилишни кўзда тутади.

Шунингдек¸ фармон лойиҳаси¸ Вазирлар Маҳкамасининг озиқ-овқат импорти билан шуғулланувчи айрим хўжалик субъектларига бундан кейин шундай имтиëз беришни тақиқлайди.

Очиқ муҳокамага қўйилган фармон лойиҳасининг 15 январда имзоланиши режаланган.