Ўзбек муҳожирлари Россиядан пул юбориш бўйича яна Марказий Осиëда биринчи

Россия Марказий банки эълон қилган сўнгги ҳисоботга кўра¸ 2017 йилнинг январь-сентябрь ойларида ўзбекистонликлар ўз ватанига пул ўтказиш тизимлари орқали 2¸636 миллиард АҚШ доллари юборган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни даврига нисбатан 31 фоизга кўпдир.

Банк ҳисоботидан кўрилишича¸ пул юбориш миқдори 2017 йилнинг учинчи чорагида сезиларли даражада ошган ва июль-сентябрь ойларида ўзбекистонликлар юборган пул миқдори 1¸198 миллиард долларни ташкил этган; ўртача пул ўтказиш миқдори 365 долларни ташкил этган.

2017 йилнинг биринчи уч ойида Россиядаги ўзбекистонликлар ўз ватанига пул ўтказиш тизимлари орқали 570 миллион¸ иккинчи чорагида эса¸ 868 миллион доллар юборган.

Марказий банк ҳисобича¸ Россиядаги ўзбекистонликлар пул юбориш бўйича марказий осиëлик мигрантлар орасида яна биринчиликни сақлаб қолган.

Бу рўйхатнинг иккинчи поғонасига қўйилган тожикистонлик муҳожирлар Россиядан ўз ватанига 2017 йилнинг 9 ойи давомида 1¸696 миллиард доллар¸ қирғизистонликлар эса 1¸576 миллиард доллар пул юборган.

Россия Ички ишлар вазирлиги эълон қилган маълумотга кўра¸ 2017 йилнинг 9 ойи давомида 3 109 341 нафар ўзбекистонлик миграция қайдидан ўтган.

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сонининг расмий қайддагидан кўра анча кўплиги тахмин қилинади.