Қримтатар фаоли Сулаймон Қодиров устидан суд бошланди

Қримтатар фаоли Сулаймон Қодиров

Қримнинг Федосия шаҳрида қримтатар фаоли Сулаймон Қодировга нисбатан суд жараёни бошланди.

“Агора” ҳалқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳи адвокати Алексей Ладиннинг 20 декабрда билдиришича, Сулаймон Қодиров ижтимоий тармоқларда сепаратизмга чақирганликда айбланмоқда.

Тергвонинг билдиришича, Қодиров Фейсбук саҳифасида "Демьян Демьянченко" исли фойдаланувчининг видеосини “Қрим - бу Украина. Ҳар доим шундай бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлади”, деган шарҳ билан репост қилган.

Сулаймон Қодировга нисбатан жиноят иши 2016 йилнинг октябрида очилган эди. Фаолнинг ўзи судда билдирилган айбловларни тан олмади.

Қодировга кўра, у Фейсбук саҳифасида бу видеони репост қилмаган. Қодиров қримтатар халқи ҳуқуқини ҳимоя қилгани ва Россия ҳукумати билан бир ҳилда бўлмаган сиёсий позицияси учун таъқиб қилинаётганини айтди.

Россия 2014 йилда Қримни аннекция қилганидан бошлаб қримтатар фаолларига нисбатан таъқибни кучайтирган ва Қримтатар мажлиси фаолиятини тақиқлаган эди. Мажлис раиси ўринбосари Ахтем Чийгўз 2017 йил сентябрида Симферополда 2014 йил февралида тартибсизликлар уюштирганликда айбланиб саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Қримда 23 ноябрда куч ишлатар тузилмаларнинг қримтатар лидерларини қўлга олиш амалиёти пайтида 82 ёшли фаол Вежия Кашка вафот этди.

Апрель ойида БМТнинг Ҳаагадаги халқаро трибунали Россия қримтатарлари ҳуқуқини кафолатлаши ҳамда рус ҳукумати томонидан экстремистик ташкилот сифатида баҳоланган қримтатар халқи Мажлисига қўйилган тақиқни бекор этиши шартлиги тўғрисида қарор чиқарди.