Собиқ Югославия бўйича Ҳаага трибунали фаолиятини якунлади

Югославия бўйича Ҳаага трибуналининг ёпилиш маросими.

Собиқ Югославия бўйича Ҳаага халқаро трибунали ўз фаолиятини якунлади. Трибуналнинг расмий ёпилиш маросими Ҳаагадаги Рицар саройида ўтказилди.

Маросимда сўзлаган БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш судга фаолияти учун миннатдорчидлик билдирди ва бундан буён ҳам инсониятга нисбатан жиддий жиноят содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш амалиётини давом эттиришга чақирди.

1993 йилнинг майида Югославиядаги урушда ҳарбий жиноятларни содир этган шахсларни жавобгарликка тортиш мақсадида собиқ Югославия бўйича халқаро трибунал ташкил этилган эди. Трибунал ўз фаолияти давомида 161 одамга айблов билдирган, улардан 90 нафари қамоқ жазосига ҳукм этилган. Трибуналда 4,5 минг гувоҳ кўрсатма берган.

Судланганлар орасида Сербия ва Югославиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич, Сербиянинг собиқ вице президенти Воислав Шешель ҳам бор.

Серб Республикасининг биринчи президенти Радован Караджич ва серб генерали Ратко Младич геноцидда айбдор, деб топилган.

Собиқ Югославияда Халқаро трибунал фаолиятига муносабат ҳам турлича бўлган. Масалан, Босниядаги ҳарбий асирлар ассоциасияси раиси Жасмин Мевкович

-Ҳаага суди миллий судлар томонидан жавобгарликка тортилмаган шахсларни суд жавобгарлигига тортиш мақсадида ташкил этилган эди. Мен трибунал ўз вазифасини бажарди ва жуда муҳим ишни амалга оширди, деб ҳисоблайман, - деб фикр билдирди.

Сараевода уруш пайтида бедарак йўқолган серблар бирлашмаси раҳбари Милан Мандич эса “трибунал сербларни жиноий жавобгарликка тортишини ягона мақсад деб билган ташкилот бўлди”, деб ҳисоблайди.