Тошкентда Россия ИИВ ваколатхонаси ташкил этилди

Россия полицияси аввалги йилларда меҳнат муҳожирларига кўплаб "ов"ларни уюштирган эди.

Тошкентда Россия Ички ишлар вазирлигининг ваколатхонаси очилди. Бу ҳақда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳитдиновга таянган ҳолда Sputnik нашри 26 декабрда хабар берди.

Мазкур ваколатхона Ўзбекистон ҳукумати билан миграция соҳасида, Россияга кўчиб ўтиш дастурини амалга оширишда ва қўшма меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқишда ҳамкорликни йўлга қўйиши кутилмоқда.

2017 йилнинг апрелида Ўзбекистон Россия билан миграция соҳаси бўйича ўзаро ваколатли бўлган органларни таъсис этишга келишиб олган эди.

Мазкур келишувга мувофиқТошкентда Россия Ички ишлар вазирлиги ваколатхонаси ташкил этилиши лозим бўлган. Москвада эса Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ваколатхонасидан ташқари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ваколатхонаси ҳам ташкил этилади.

Миграция соҳасида ҳамкорлик қилувчи ваколатхоналарни ўзаро ташкил этиш масаласини Тошкент ва Москва биринчи марта 2007 йилда муҳокама қилган эди.