Банкоматлардан нақд пул ечиб олиш миқдори 300 минг сўмга оширилди

Тошкентнинг Олой бозоридаги банкомат. Сурат "Газета уз" нашридан олинган.

Ўзбекистонда тижорат банклари томонидан ўрнатилган айрим банкоматларда маблағларни нақд пулда ечиб олишга қўйилган чеклов 300 минг сўмгача оширилди.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, айрим банкоматларда нақд пул ечиб олишга қўйилган чеклов бекор қилинган. Лекин хабарда бу банкоматлар қайси банкларга тегишли экани ва мамлакатнинг қайси ҳудудларига ўрнатилгани тўғрисида аниқ маълумот берилмаган.

Хабарда айтилишича, банкоматларнинг хизмат ҳақи сифатида нақд ечиб олинган пулнинг 1 фоизи миқдорида тўлов ушлаб қолиш амалиёти ҳам жорий этилган.

Озодлик радиоси август ойида Тошкентда Марказий Осиё давлатлари орасида энг охирги бўлиб банкоматлар ўрнатила бошлангани тўғрисида хабар берган эди.

Ўшанда битта карта билан бир кунда фақат 100 минг сўмдан кўп бўлмаган миқдорда пул ечиб олиш мумкинлиги айтилган. Кун давомида банкоматлардан иккинчи марта пул ечиб олиш имконияти берилмайди.

2017 йилнинг 12 октябрь ҳолатига кўра, пойтахт Тошкентнинг фақат 10 жойига банкомат ўрнатилган.

Ўзбекистон Марказий банки йил охиригача Тошкент шаҳрида мингта банкомат ўрнатилишини билдирган эди.