Ўзбекистондаги хориж олийгоҳлари 2023 йилгача барча солиқлардан озод этилди

Тошкентдаги Турин университетида имтиҳон топширилаётган пайт.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган хориж давлатлари олий ўқув юртлари 2023 йилнинг 1 январигача барча солиқ турлари ва мақсадли фондларга тўловлардан озод қилинди.

Norma.uz ахборот-ҳуқуқий порталининг 8 январда хабар беришича, бу борадаги ПП-3454 сонли қарорни президент Мирзиёев 2017 йилнинг 29 декабрида имзолаган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг олийгоҳларига қарашли бўлган 7 филиал ишламоқда. Уларнинг барчаси Тошкент шаҳрида жойлашган.

Россиянинг Регнум агентлиги 9 январда Ўзбекистонда Москва давлат халқаро алоқалар институтининг Олий мактаби ҳам Тошкентда очилиши режалаштирилаётганини билдирди.

Хабарда айтилишича, бу масалада 2017 йилнинг 4 октябрида Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Россия расмийлари билан ўтган учрашув пайтида дастлабки келишувга эришилган.