Тангем роли ижрочиси Ўзбекистоннинг Кореядаги туризм элчиси бўлади

Хивадаги Ичон Қалъа туристлар кўп келадиган жойлардан бири.

"Сарой жавоҳири" сериалидаги Тангем роли билан машҳур бўлган жанубий кореялик актриса Ли Ёнг Э Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси бўлади, деб хабар берди 16 январь куни “Кун уз” нашри.

Хабардан маълум бўлишича, бу ҳақда Халқаро пресс-клуб ва Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази ҳамкорлигида "Ўзбек дипломатиясининг янги воқеълиги: Бурч, масъулият ва вазифалар" мавзусидаги анжуманда билдирилди.

"Битта мисол келтиришимиз мумкинки, юртбошимиз ўзлари Кореяда бўлганларида "Сарой жавоҳири" сериалининг машҳур юлдузи билан учрашган эди. Ҳозир биз у билан музокараларни якунладик ва у Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм элчиси сифатида фаолият юритишига келишиб олдик", – деб айтган анжумандаТуризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Озодлик радиоси аввалроқ Ўзбекистонда Tourism brand Ambassador (Туризм бренди элчиси) институти жорий этилиши тўғрисида хабар берган эди.

Маълумотда айтилишича, туризм элчилари Ўзбекистонга йилда икки марта бепул келиб кетиш ҳуқуқига эга бўлади. Улар туризм соҳасига оид турли тадбирларда иштирок этадилар.

Сўнгги хабарларда қайд этилишича, 2017 йилда 2 миллион 520 минг нафардан ортиқ турист келди. Бу 2016 йилга нисбатан 44,3 фоизга кўпдир. Туристларнинг 2 миллион 150 мингдан ортиқроғи бу қўшни Марказий Осиё мамлакатларидан келганлардир.

Туризм хизматлари экспорти 2016 йилга нисбатан 24 фоизга ошиб, 1 миллиард 557 миллион долларни ташкил этган.