Линклар

Шошилинч хабар
14 август 2018, Тошкент вақти: 13:36

ОАВ: Ўзбекистон жаҳон юлдузларини туризмни тарғиб қилишга жалб этмоқчи


Самарқанд, Бухоро, Хивадаги тарихий ёдгорликлар чет эллик сайёҳларни ўзига жалб қилаётган обидалар бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонда жаҳонга танилган шахсларни мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этишга жалб қилиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 3 январь куни аниқ манбани кўрсатмаган ҳолда Podrobno.uz, Sputnik каби қатор нашрлар хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, бугунги кунда халқаро тажрибада Tourism brand Ambassador (Туризм бренди элчиси) институти самарали ва кенг қўлланилмоқда. Жумладан, Ҳолливуд юлдузи Арнольд Шварценеггер Мадриднинг, машҳур қўшиқчи Тейлор Свифт Нью-Йоркнинг, кино юлдузлари Жеки Чан ва Ричард Гир Индонезиянинг туризм элчилари ҳисобланади.

“Сиёсат, бизнес, маданият ва спорт доирасидаги таниқли шахслар Ўзбекистоннинг чет эллардаги туризм элчилари бўлиши назарда тутилмоқда. Уларнинг мажбуриятлари жамланган ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш керак бўлади”, дейилади хабарда.

Маълумотда айтилишича, туризм элчилари Ўзбекистонга йилда икки марта бепул келиб кетиш ҳуқуқига эга бўлади. Улар туризм соҳасига оид турли тадбирларда иштирок этадилар. Хабарда Ўзбекистоннинг туризм элчиси бўлишга розилик берган машҳурларга қанча хизмат ҳақи берилиши, бу ҳақ қайси манбалардан олиниши тўғрисида маълумот берилмагани ҳам билдирилган.

Расмий статистикага кўра, 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонга 1 миллион 100 минг сайёҳ келган. Бу эса 2016 йилнинг шу даврига солиштирганда 18 фоизга кўпдир. Сайёҳлик соҳаси даромади эса 694,5 миллион долларни ташкил қилди.

XS
SM
MD
LG