Бош вазир ўринбосари афғон президенти билан темир йўл қурилишини муҳокама қилди

Мозори Шариф - Ҳирот темир йўлини қуриш бўйича Афғонистон президенти Ашраф Ғани 2017 йилнинг 5 декабрида президент Шавкат Мирзиёев билан шартнома имзолаган эди.

Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани ва Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров Кобулда ўтган учрашувда Мозори Шарифдан Ҳиротгача бўлган темир йўл қурилиши масаласини муҳокама қилди.

Аfghanistan.ru нашрининг 21 январь куни билдиришича, Жамшид Қўчқоров мазкур лойиҳани баҳолаш ишлари якунланганини ҳамда лойиҳани молиялаш борасида Марказий банк ва Инфраструктуравий инвестициялар бўйича Осиё банки билан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди.

Қўчқоровга кўра, темир йўл қурилиши якунланса, Афғонистондан Хитойга Андижон орқали уч кунда етиб бориш имконияти пайдо бўлади.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани 2017 йилнинг 4-6 декабрида Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган эди. У 5 декабрь куни президент Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.

Учрашув якунида икки давлат ўртасида 20дан ортиқ ҳужжатларга, жумладан, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш, Мозори Шариф – Шибирғон – Маймана – Ҳирот темир йўлини барпо этиш юзасидан шартномалар имзоланди.