Sputnik: Баданидан 16та игна топилган 11 ойлик чақалоқ вафот этди

Болакай танасидан олинган игналар.

Sputnik нашри 24 январь куни кечқурун баданидан 16та игна топилган 11 ойлик чақалоқ жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этганини хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, бу ҳақда Ўзбекистондаги демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева Sputnik Ўзбекистоннинг Facebook тармоғидаги саҳифаси орқали маълум қилган.

“Болакай бугун вафот этди... афсус”, деб ёзган Сайёра Хўжаева.

Лекин ижтимоий тармоқлардаги айрим мустақил манбалар аввалроқ чақалоқ "клиник ўлимдан кома ҳолатига қайтгани" тўғрисида ҳам маълум қилганлар.

Бу ҳабарларнинг барчаси ҳозирча расмийлар томонидан тасдиқланмаган ва инкор ҳам этилмади.

Тошкентдаги Республика тез тиббий ёрдам маркази шифокорлари 11 ойлик болакай танасидан 16 дона игна топгани тўғрисида Озодлик радиоси 22 январь куни хабар берган эди.

Тўққиз соат давом этган жарроҳлик амалиёти пайтида, шифокорларга кўра, болакайнинг йўғон ичаги, сийдик пуфаги, кўкрак қафаси ичи, томоғи, буйраги ва юрагида бўлган игналар олиб ташланган. Ўшанда болакайнинг аҳволи оғир қолаётгани тўғрисида билдирилган эди.

Мазкур иш юзасидан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари тергов олиб бораётгани ҳам хабар қилинган.