Ўзбекистонликлар ёниб кетган автобуснинг ҳайдовчилари қамоққа олинди

18 январь куни Самара-Чимкент йўлида ёниб кетган автобус.

Қозоғистонда 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган автобуснинг уч ҳайдовчиси қамоққа олинди. Бу ҳақда 25 январь куни Ақтўбў вилоят прокуратураси маълум қилди.

Расмий хабарда билдирилишича, ҳайдовчиларниг барчаси Қозоғистон гражданларидир. Улар транспорт воситасидан фойдаланиш ва ёнғин хавфсизлиги тартибини бузганликда айбланмоқда.

Дастлабки терговда маълум бўлишича, автобуснинг ичи оловли кавшарлагич билан иситилган ва автобуснинг ёниб кетишига айнан мана шу нарса сабаб бўлган. Автобус ичида канистрада 5 литр бензин сақланган.

18 январь куни Самара-Чимкент йўлининг Ақтўбў вилояти Ирғиз туманидан ўтувчи қисмида автобус ёниб кетиши оқибатида уни ичида бўлган 52 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди. Ёнғиндан беш нафар одам, жумладан, ҳайдовчилар омон қолган.