Оилавий шароити ёмон бўлган аёлларга ҳукумат уй қуриб бериши айтилди

Мирзиёев Қашқадарёда, 28 январь, 2018-йил.

Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида оилавий шароити ёмон бўлган ва кам таъминланган хотин-қизлар учун 4 қаватли уйлар қурилади.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Чироқчи туманида Қашқадарё вилояти фаоллари билан ўтказган йиғилиш чоғида бу ҳақда кўрсатма берганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, президент бундай уйлар учун тўловнинг 25 фоизлик қисми давлат томонидан тўлаб берилишини ҳам таъкидлаган.

Президент, шунингдек, ҳар бир туманда хотин-қизлар қўмитаси вакиллари лавозими жорий этилганини, туманларда қизларни турмушга тайёрловчи махсус тузилмалар ишга туширилишини ҳам билдирган.

Республика хотин-қизлар қўмитаси қошида эса оила институти ташкил этилади.