Қирғизистон Ўзбекистонга электр энергияси беришни Бишкек ИЭМ ишга тушганидан кейин қайта тиклайди

Бишкекдаги Иссиқлик энергияси маркази 26 январда ишдан чиққан.

Қирғизистон Ўзбекистонга электр энергияси беришни Бишкекдаги Иссқлик энергияси маркази фаолияти қайта тикланганидан сўнг бошлашни режалаштирмоқда.

Бу ҳақда Қирғизистон "Миллий энергетика ҳолдинги" бошқаруви раиси Айбек Калиев 29 январь куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида билдирди.

Қирғизистон 26 январдан совуқлар туфайли Ўзбекистонга электр энергияси экспортини тўхтатган эди. Ўша куни Бишкек Иссиқлик энергияси марказида авария юз бериб, Бишкек шаҳри аҳолиси иссиқликсиз, айрим ҳудудлар эса электр энергиясиз қолган.

Бишкек Иссиқлик энергияси маркази фаолиятини 30 январь ҳолатига кўра ҳам қайта тиклашга муваффақ бўлинмади.

Ўзбекистон 15 декабрдан бошлаб Қирғизистондан қишки мавсум учун электр энергиясини сотиб ола бошлади

ЎзАнинг билдиришича, декбардан март ойига қадар Қирғизистон 550 миллион кВт/соат электр энергиясини етказиб беради.