Қонун устиворлиги рейтингида Ўзбекистон 2015 йилдан бери 10 поғонага пастлади

Халқаро World Justice Project (“Жаҳондаги адолат лойиҳаси”) ташкилотининг қонун устиворлиги юзасидан тузган рейтингида Ўзбекистон 113 давлат орасида 91-ўринни эгаллади.

Мазкур рейтинг сўнгги икки йил ичида қонун устиворлиги бўйича Ўзбекистон 10 поғонага пастлаганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон 2015 йилги қонун устиворлиги жаҳон рейтингида 81- ўринда эди. 2014 йилги рейтингда эса Ўзбекистон 73- поғонада бўлган.

Бироқ жорий рейтингда Ўзбекистон 2016 йилга нисбатан 2 поғона юқорига - 93 - ўриндан 91-ўринга кўтарилган.

Мазкур рейтингда Қозоғистон 64 - ўринни,Қирғизистон 82-ўринни, Россия 89- ўринни эгаллаган.

Ҳуқуқ устиворлиги рейтинги 2010 йилдан бери тузиб келинади. Рейтингда мамлакатлар давлат ҳокимияти институтлари ваколатларининг чекланганлиги, коррупция даражаси, тартиб ва хавфсизлик, асосий ҳуқуқларнинг ҳимояланиши, ҳокимият институтларининг шаффофлиги, қонунларнинг ижро этилиши, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича адолатли судлов соҳасидаги муваффақиятларга қараб баҳоланади.