Европа банки туризмни ривожлантиришда Ўзбекистонга ëрдам бермоқчи

Маркази Лондонда жойлашган Европа тикланиш ва тараққиëт банки Тошкент ҳукумати билан Ўзбекистондаги сайëҳлик ва маданий меросни тарғиб қилишда ҳамкорлик қилишга оид англашинув меморандуми имзолади.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ ҳужжатга Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Давлат туризм қўмитаси расмийлари ҳамда ЕТТБ томонидан банк вице-президенти Филип Беннет қўл қўйган.

Айтилишича¸ Ўзбекистон ЕТТБнинг пилот лойиҳаси учун танланган биринчи мамлакатдир.

ЕТТБ расмийларининг билдиришича¸ ўзига хос тарихий-маданий меросга эга Ўзбекистоннинг рақобат кучли глобал туризм бозорига қўшилишини рағбатлантириш мақсадида банк 150 миллион евро маблағ ажратишни режаламоқда.

Ўзбектуризмга кўра¸ 2017 йили мамлакатга келган сайëҳлар сони 2.5 миллиондан ошган ва бу 2016 йилгига нисбатан 24 фоизга кўпдир.