Ўзбекистон Қозоғистон билан ягона ахборот ҳудуди яратмоқчи

Икки қўшни давлат ўртасидаги иқтисодий-сиëсий ҳамкорлик Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан кейин кучая бошлади.

Қозоғистон расмий нашрларига кўра¸ Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Эрик Утембаев Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раҳбари Алишер Хўжаев билан учрашиб¸ икки давлат учун умумий ахборот ҳудуди яратиш масаласини муҳокама қилган.

Бундай ҳудуд¸ хусусан¸ ҳар икки мамлакатда эфирга узатиладиган теле ва радиодастурлар ҳозирлаш режасини ўз ичига олади¸ дейилади бу ҳақдаги хабарларда.

Учрашувда¸ умумий ахборот ҳудуди яратиш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқишга келишиб олинган.

Йўл харитасида биргаликда илмий-маърифий ва ахборот дастурлари ҳозирлаш ва ҳар иккала мамлакатда эфирга узатиш тафсилотларининг ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Қозоғистон элчисига кўра¸ икки қўшни давлат муштарак радио очиш имконини ҳам кўриб чиқади.