ХМТ: Мажбурий меҳнатга барҳам беришда ҳукумат катта сиёсий иродага эга эканини кўрсатди

Халқаро меҳнат ташкилоти “2017 йилда пахта теримида мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистон ҳукумати катта сиёсий иродага эга эканини намойиш қилди”, деб билдирди.

13 февраль куни ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинган ҳисоботда таъкидланишича, 2017 йилдаги пахта теримида болалар мажбурий меҳнатидан фойдаланиш масаласи долзарблигини йўқотгани, болалар теримга жалб қилинмагани алоҳида таъкидланган.

Халқаро меҳнат ташкилоти ўз ҳисоботини пахта теримига жалб этилган 2 миллион 600 минг теримчидан уч минг нафари билан ўтказилган суҳбатлар асосида тузганини билдирган. Ҳисоботда айтилишича, бу суҳбатлар ҳукумат расмийлари кузатувисиз ва огоҳлантирувсиз ўтказилган.

Сўров натижасида 2,6 миллион теримчининг асосий кўпчилик қисми теримга ўз хоҳиши билан чиққани аниқланган.

“Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон банки тавсияси билан теримчилар меҳнати учун тўланадиган ҳақ миқори кўпайтирилган. Ташкилот ҳукуматга бундан буён ҳам ҳақ миқдорини ошириб боришни, ихтиёрий равишда пахта терувчилар сонини кўпайтириш учун меҳнат шароитларини том маънода яхшилашни тавсия этди”, дейилади ҳисоботда.

Халқаро меҳнат ташкилоти жой-жойларда Тошкентдан мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисидаги кўрсатмалар турлича тушинилаётгани ва бу масалани ҳал этишга турлича ёндашувлар бўлаётгани оқибатида мажбурий меҳнатга оид айрим муаммолар сақланиб қолинаётганини ҳам таъкидлаган.

2017 йилдаги пахта мавсуми Озодликнинг PaxtaGram саҳифасида батафсил ёритиб борилди.

Октябрь ойининг бошидан бошлаб Фарғона, Наманган, Андижон ва Сурхондарё вилоятларидан мамлакатнинг шимолий ва ғарбий вилоятларига корхона ва ташкилотлар ходимларидан, маҳаллалар аҳолисидан ташкил топган ўнлаб махсус отрядлар ​поездларда жўнатилди.

Озодликка бу борада гаприган кўплаб теримчилар ва ҳуқуқ фаоллари пахта теримига мажбуран чиқарилганлар ҳақида маълумот берган.