Апостиль нархи 172 минг сўмдан 17 минг сўмга туширилди

Вазирлар Маҳкамаси расмий ҳужжатларга махсус Апостиль тамғаси босиш нархини ўн баробарга арзонлаштирди. Бу ҳақда 18 февраль куни Sputnik нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, 17 февралда ҳукумат томонидан қабул қилинган қарорда Апостиль учун тўлов миқдори 172 240 сўмдан 17 224 сўмга туширилган.

“Охирги вақтларда Ўзбекистонда апостиль тамғаси нархи қимматлиги ҳақида фуқаролардан кўплаб норозилик хатлари олинган. Шу сабабдан Адлия вазирлиги ушбу тўлов миқдорини камайтириш борасида таклиф ишлаб чиқилиб, уни Ҳукумат муҳокамасига чиқарган эди”, дейилади хабарда.

Статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили 30 мингга яқин фуқаро давлат идоралари томонидан берилган расмий ҳужжатларни хориждаги идораларга топширишиш учун Апостиль хизматидан фойдаланади.