Ўтган йили истеъмолчиларга келтирилган деярли 4,5 миллиард сўмлик зарар ундириб берилди

2017 йилда истеъмолчилардан тушган аризаларнинг 30 фоиздан кўпроғи газ таъминоти билан боғлиқ.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 2017 йилда шикоятларнинг 91,9 фоизини ижобий ҳал этиб, истеъмолчиларга келтирилган 4 миллиард 397 миллион сўм зарарни ундириб берди.

ЎзАнинг хабар беришича, 2017 йилда 2016 йилга нисбатан 4219та ариза кўпроқ келиб тушган ва уларнинг 12 976 таси ижобий ҳал этилган.

“Мурожаатлар таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, уларнинг катта қисми табиий газ таъминоти (4389 та, 31,1 фоиз), савдо (3320 та, 23,5 фоиз) ва электр таъминотига (2201 та, 15,6 фоиз) тааллуқли эканини кўрсатмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, коммунал хизмат кўрсатиш (742 та, 5,3 фоиз), сув таъминоти (506 та, 3,6 фоиз), транспорт (273 та, 1,9 фоиз), алоқа (317 та, 2,2 фоиз), соғлиқни сақлаш (264 та, 1,9 фоиз) йўналишида ҳам мурожаатлар кўплиги кузатилади.