Ўзбек-тожик чегарасидаги тўққизта ўтиш-назорат пункти очилди

Ўзбек-Тожик чегарасидан ўтаётган одамлар.

1 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларидаги тўққизта назорат-ўтиш пункти очилди¸ деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Расмий маълумотга кўра¸ Самарқанд вилоятидаги «Жартепа» («Саразм»), Жиззах вилоятидаги «Кушкент» («Ўратепа») ва «Учқўрғон» («Ҳавотоғ»), Сирдарё вилоятидаги «Ховособод» («Зафаробод»), Тошкент вилоятидаги «Бекобод» («Хаштяк»), Наманган вилоятидаги «Поп» («Навбунёд»), Фарғона вилоятидаги «Равот» («Равот»), Сурхондарё вилоятидаги «Гулбаҳор» («Айваж») каби автомобиль йўлларидаги пунктлар, шунингдек, темир йўл чизиғидаги «Амузанг» («Ҳошади») пунти очилди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувлар ижроси бўлган чегара пунктларининг тантанали очилишида ҳар икки томон жамоатчилик вакиллари, фаоллар ва чегара ҳудудидаги маҳаллаларда яшовчи аҳоли, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари иштирок этган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг Тошкент вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятида яшовчи фуқароларнинг “Ойбек” назорат ўтказиш пункти орқали 45 кунгача визасиз борди-келди қилиш имкониятига эга бўлгани хабар қилинган эди.

9-10 март кунлари Ўзбекистон президентининг илк давлат сафари билан Тожикистонга бориши кутилмоқда.