Вино 2019 йил 1 январдан алкоголли ичимлик эмас, қишлоқ хўжалик маҳсулоти бўлади

Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 январидан мамлакатда етиштирилган узум навларидан ишлаб чиқарилган вино алкоголли ичимликлар рўйхатидан чиқарилади ва қишлоқ хўжалик маҳсулоти сифатида тан олинади.

Президент Мирзиёев томонидан 28 февраль куни имзоланган ​Виночилик соҳасини ва алкоголли маҳсулотларни реализация қилишни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда таъкидланишича: “2019 йилнинг 1 январидан ўз узумзор плантацияларининг хом ашёсидан ишлаб чиқарилган табиий узум виноларини қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тоифасига киритган ҳолда, ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни лицензиялаш бекор қилинади”.

Бундан ташқари узум етиштирувчилар 2025 йилгача ер солиғидан ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ўсимликни ҳимоя қилиш воситалари, материаллар ва хом ашёни керакли миқдорда олиб кирганлик учун бож пошлинаси бекор қилинади.

Марказий банкка вино ишлаб чиқарувчилар учун 5 йиллик имтёз муддати билан 7 йилга кредит беради. Лекин бунинг учун кредит олувчи камида 100 гектар узумзорга эга бўлиши ҳамда ишлаб чиқарган вино-коньяк маҳсулотларини фақат эман бочкаларда сақлаши лозим.

Қарорга асосан “Ўзвиносаноат-холдинг” АЖ “Ўзшаробсаноат” АЖ деб қайта номланади.

Шунингдек, қарорда 2021 йилгача “Ўзшаробсаноат” назорати остида узум етиштирилувчи майдонларни 10 минг гектарга етказиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон статистикасининг билдиришича, 2017 йилда мамлакатда 1748,9 минг тонна узум етиштирилган. Бу эса 2016 йилга нисбатан 0,8 фоизга кўпдир.