Трамп Нетеняҳуга Қуддусга ташриф қилиш масаласини ўрганаётганини айтди

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Бинямин Нетеняҳу (чапда) билан Оқ Уйда 5 март куни учрашди.

АҚШ президенти Дональд Трамп май ойида АҚШ элчихонасининг Қуддусдаги янги биноси очилиши муносабати билан Исроилга бориш режаси борлигини билдирди.

5 март куни Вашингтонда Исроил бош вазири Бинямин Нетеняҳу билан учрашган Дональд Трамп айнан Қуддусга ташриф қилиш масаласини ўрганаётганини айтди.

Нетеняҳу ўз ўрнида Трампнинг АҚШ элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш қарори “Исроил хақлининг хотирасида абадул-абад муҳрланиб қолади”, деди.

2017 йилнинг декабрида Дональд Трамп АҚШ Қуддусни Исроил пойтахти деб тан олиши ҳамда элчихонасини Қуддусга кўчириши тўғрисида эълон қилган эди.Мазкур баёнот халқаро ҳамжамиятнинг, жумладан, АҚШ иттифоқичларининг ҳам кескин танқидига учради.

Фаластинликлар Қуддусни ўз бўлғуси давлатининг пойтахти сифатида билади. Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йилдаги Олти кунлик уруш пайтида босиб олган. Жаҳон давлатларининг асосий кўпчилик қисми Қуддусни Исроил томонидан босиб олинган шаҳар деб ҳисоблайди ва уни Исроил пойтахти сифатида тан олмайди.