Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида яна бир назорат -ўтказиш пункти очилди

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара ҳудудларида яшовчилар ўзбек-тожик чегараси орқали визасиз ўтишмоқда.

Ўзбекистон - Тожикистон чегарасидаги “Амузанг” назорат – ўтказиш пункти 7 март куни тантанали равишда очилди.

“Сурхондарё вилояти ва Тожикистоннинг Хатлон вилояти ўртасидаги “Амузанг” чегара постининг очилгани тўғрисида Сурхандарё вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида хабар берди”, деб ёзди “Кун уз”.

Унга кўра, тантанада Сурхандарё вилояти расмийлари билан биргаликда Хатлон вилояти ҳокими Давлатшо Гулмаҳмадзода ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 1 март куни Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегараларидаги тўққизта назорат-ўтиш пункти очилгани тўғрисида хабар берган эди. Ўшанда “Амузанг” темир йўл чегара пункти ҳам очилгани билдирилган.

Икки давлат ўртасидаги чегаралар президент Шавкат Мирзиёевнинг Душанбега 9-10 март кунлари қиладиган давлат ташрифи арафасида очилди.