Тошкент-Бишкек-Балиқчи поезди 22 март куни биринчи қатновни амалга оширади

Икки кундан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида мунтазам темир йўл қатнови бошланади.

Икки давлат темир йўл ташкилотларининг билдиришича, 22 март куни Тошкент-Бишкек-Балиқчи поезди йўлга чиқади.

Тошкент марказий вокзалидан 20:50 йўлга чиқадиган поезд 9 вагондан ва 300 йўловчидан иборат бўлади. Поезд Тошкентдан Балиқчига 25 соатда етиб боради. Мазкур қатновдаги плацкарт вагонга билетлар 378 минг сўмдан, купега 515 минг сўмдан бошлаб сотилади.

“Ўзбекистон темир йўллари” ширкати томонидан амалга ошириладиган мазкур қатновдаги поезд ҳар пайшанба куни Тошкентдан Балиқчига йўлга чиқади ва ҳар шанба куни яна Тошкентга қайтади.

Тошкентдан Иссиқкўлга поезд қатновини йўлга қўйиш масаласи 2016 йилда келишилган эди. Бироқ ўшанда поезд фақат бир марта қатновни амалга оширган ва кейин тўхтатиб қўйилганди. 2017 йилда ҳам Тошкент-Балиқчи-Тошкент қатновини қайта тиклаш масаласи кўтарилган, бироқ қатнов қайта тикланмаган эди.

Айни пайтда Тошкентдан Ўшга ва Жалолободга ҳам поезд қатновларини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинаётгани айтилмоқда.

Жорий йилда Тошкент-Бишкек, Фарғона-Ўш, Андижон-Ўш ва Тошкент- Иссиқкўл йўналишлари бўйича автобус қатновларини ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган.