Учта автотўқнашувда 7 одам ҳалок бўлди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 21 мартдан 25 мартгача содир бўлган учта автотўқнашувда 7 одам ҳалок бўлди, 19 нафар одам жароҳатланди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 24 март куни Сурхандарё вилоятининг Шеробод туманида соат 16:30да Damas ва “КАМАЗ” автомашинаси тўқнашиб кетган.

“Шеробод- Жарқўрғон” йўлида юз берган мазкур воқеада Damas йзловчилари – 59 ёшли М. Абдуллаев ва 1 ёшли Л. Абдузоиров вафот этди. Ҳайдовчи ва яна 8 йўловчи эса тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.

23 март куни эрталаб соат 6:45да Навоий вилояти Новбаҳор туманида Captiva ва Matiz автомашиналари тўқнашиб кетган.

“Навоий – Нурота” автойўлининг 29-километрида юз берган мазкур фожеада икки киши –Matiz ҳайдовчиси ҳамда йўловчиси ҳалок бўлди. Captiva ҳайдовчиси ва унинг 4 йўловчиси жароҳатлар олиб, касалхонада даволанмоқда.

21 март куни “Чирчиқ-Янгибозор-Ўртасарой” йўлининг Тошкент вилояти Юқоричирчиқ туманидан ўтувчи 25-километрида автотўқнашув оқибатида уч киши ҳалок бўлди, 7 киши жароҳатланди.

24 ёшли Н.Сарсенбаев бошқариб кетаётган Lacetti ва 32 ёшдаги С.Аҳмедов бошқараётган Damas автомашиналари тўқнашуви 21 март куни соат 13дан 50 дақиқа ўтганида юз берган.

Damas ҳайдовчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Damas йўловчиси бўлган 46 ёшли Ж.Тўлаганова ва Lacetti ҳайдовчиси касалхонага олиб кетилаётганда “Тез ёрдам” машинасида вафот этди.

Lacetti енгил автомашинасининг бир нафар, Damas минивенининг 6 нафар йўловчиси турли тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилди.