Фарғонада ўзбек ва қирғиз бош вазирлари учрашади

Ўзбекистон ва Қирғизистон байроғи.

Фарғонада 29 март куни Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг чегара олди вилоятлари раҳбарларининг кенгаши бўлиб ўтади. Икки давлат ўртасидаги мазкур кенгаш биринчи марта ўтказилмоқда.

Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, Фарғона шаҳрида ўтадиган учрашувда делегацияларга бош вазирлар Абдулла Арипов ва Сапар Исақов раҳбарлик қилади.

Ўтган йилнинг 5-6 сентябрида президент Шавкакт Мирзиёев Бишкекка давлат ташрифи билан келганида ҳукуматлараро муносабатларни ривожлантириш тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Меморандумга мувофиқ икки давлатнинг чегарадош ҳудудларидаги вилоятлар раҳбарларининг кенгаши ҳам ташкил этилган.

Кенгашнинг биринчи мажлисида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ҳамда Боткен вилоятлари билан чегарадошдир.