Каримов даврида 12 йилга қамалган Чироқчи туман ҳокими оқланди

Бундан 10 йил муқаддам 12 йилга қамалган Чироқчи туманининг собиқ ҳокими Нурулла Қаюмов суд ҳукми билан оқланиб, озодликка чиқарилди.

"Кун уз" нашрининг билдиришича, Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди апелляция судлов ҳайъатининг 2017 йил 23 ноябрдаги ажрими билан у барча эпизодлар бўйича айбсиз деб топилиб, реабилитация қилиш йўли билан оқланган.

2004-2007 йилларда Чироқчи туман ҳокими бўлган Нурулла Қаюмов Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2008 йил 29 февралдаги ҳукми билан 12 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Нашрнинг ёзишича,собиқ ҳокимга қўйилган айбловлар уйдирма ва сохта бўлган. Бироқ нашр Нурулла Қаюмов айнан қандай айбловлар билан судлангани тўғрисида конкрет маълумот бермаган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ноҳақ судлангани аниқланиб, реабилитация қилинган шахс аввалги лавозимига тикланиши лозим.