Ўзбекистонда биринчи чоракда аҳоли сони 107 минг нафарга кўпайди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг биринчи чорагида аҳоли сони 107 минг кишига кўпайди. Тирик туғилганлар сони 147 минг нафарни ташкил этди. Вафот этганлар сони 37,8 минг нафар экани қайд этилди.

2018 йил 1 апрель ҳолатига қараганда, республиканинг доимий аҳолиси сони 32 миллион 763 минг 700 кишига етди.

Статистика қўмитасининг билдиришича, аҳолининг 16 миллион 583 мингги, яъни 50,6 фоизи шаҳарларда, 16 миллион 180 минг 700 нафари ёки 49,4 фоизи қишлоқларда яшамоқда.

ФҲДЁ бўлимларида 52,1 мингта никоҳ ва 8,1 мингта ажралишлар рўйхатга олинди.

Статистика қўмитаси ҳисоботида таъкидланишича, 1 апрель ҳолатига қараганда энг кўп аҳоли сони Самарқанд вилоятидадир. Бу ерда республика аҳолисининг 11,4 фоизи ёки – 3 миллион 733 минг 700 киши яшайди.

Энг кам аҳоли Сирдарё ва Навоий вилоятида яшайди. Сирдарё аҳолиси 818 минг 400 кишини (2,5 %), Навоий аҳолиси 961 минг 300 кишини (2,9 %) ташкил этади.