АҚШ ширкати мия саратонини даволашда ишлатиладиган дори-дармон берди

Иллюстратив сурат.

АҚШнинг Нью-Жерси штатидаги Merck Sharp&Dohme фармацевтика ширкати Ўзбекистонга беғараз инсонпарварлик ёрдами сифатида умумий қиймати 2 миллион 900 минг доллар бўлган “Темодар” дорисини юборди.

Podrobno.uz нашрининг билдиришича, “Темодар” онколггик препарат бўлиб, катта ёшдаги одамлар бош миясидаги шишларни даволашда қўлланилади.

Дори Ўзбекистонга Project HOPE халқаро нодавлат гуманитар ташкилоти кўмагида олиб келинган. Мазкур лойиҳа АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги – USAID дастурлари доирасида амалга оширилди.

Хабарда айтилишича, 1992 йилдан бери USAID Ўзбекистонга 356 миллион доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатган.

Project Hope ташкилоти эса 1991 йилдан бери АҚШдаги фармацевтика ва тиббиёт ташкилотлари эҳсон қилган 106 миллион долларлик дори-дармонларни Ўзбекистонга олиб келган.