Статистика: Энг кўп ойликни молиячилар ва суғуртачилар олади

Давлат Статистика қўмитаси 2018 йилнинг биринчи чорагада айрим соҳаларда ойлик маошлари ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда деярли 30 фоизга кўпайганини билдирмоқда.

Статистика қўмитасининг биринчи чоракда аҳоли даромадлари тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилишича, ойликлар ахборот технологиялари ва алоқа соҳасида 28,9 фоизга, молия ва суғурта соҳасида 28,6 фоизга, саноатда 27 фоизга ва қурилиш соҳасида 24,8 фоизга ошган.

Статистика қўмитасининг билдиришича, Ўзбекистонда ўртача маош миқдори энг кўп бўлган соҳа молия ва суғуртадир. Бу соҳа вакилларининг ўртача иш ҳақи бошқа соҳаларга нисбатан 79,2 фоизга кўпроқдир.

Пул ҳисобида молиячилар ва суғуртачилар ойлиги 2 миллион 774 минг сўмни, ахборот ва алоқачилар ойлиги 2 миллион 722 минг сўмни, саноатчилар ойлиги 2 миллион 315 минг сўмни ташкил қилган.

Вилоятлар кесимида олинганда, энг кўп ойлик Тошкентда бўлиб, пул ҳисобида ўртача 2 миллион 129 минг сўмни ташкил қилади. Энг оз ойлик эса Самарқандда бўлиб, унинг ўртача миқдори 1 миллион 234 минг сўм миқдоридадир.