Оммавий ахборот воситалари давлат органлари фаолиятини назорат қилади

Тошкентдаги маҳалла фахрийлари (Иллюстратив сурат)

Президент Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни "Жамоатчилик назорати тўғрисидаги" қонунни имзолади.

Lex.uz сайтида эълон қилинган қонунда белгиланишича, бундан буён Ўзбекистонда фуқаролар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектлари ҳисобланади.

Бу субъектлар "давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқ-тартибот ва назорат идоралари ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг фаолияти"ни жамоатчилик тартибида назорат қилиб боради.

Шунингдек, қонунда белгиланишича, жамоатчилик назорати қуйидаги шаклларда ўтказилади:

- давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар;
- давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш;
- жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш;
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини эшитиш.

Қонунда жамоатчилик назорати натижаси асосида ҳозирланган ҳужжатларнинг "ахборот ва тавсия хусусияти"га эга бўлиши, аммо, бу ахборот ва тавсияларнинг давлат органлари томонидан кўриб чиқилиши "мажбурий тартибда" амалга оширилиши белгиланган.