ОАВ: Трампнинг вакили Помпео ва Ким Чен Ин махфий равишда учрашди

Марказий разведка бошқармаси директори Майк Помпео.

Президент Дональд Трамп АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Майк Помпеони Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин билан дастлабки учрашувни ўтказиш учун Пхеньянга жўнатди.

Оммавий ахборот воситаларининг билдиришича, Помпео Пхеньянда Дональд Трамп ва Ким Чен Ин билан Шимолий Корея ядровий дастурини тўхтатиш масаласида учрашув ўтказиш масаласини муҳокама қилади.

Яқин кунларда Давлат котиби лавозимига киришадиган Помпео ва Ким ўртасида музокаралар ўтказилиши тўғрисидаги хабарлар 17 апрель куни пайдо бўлди.

“Вашингтон пост” газетасининг хабар беришича, Пасха байрами нишонланган якшанба куни амалга оширилган бу ташриф мутлақо сир сақланган.

Ройтер ва “Нью-Йорк таймс” кейинроқ ўз манбаларига таянган ҳолда Пхеньянда ҳақиқатан ҳам Помпео Ким билан учрашганини тасдиқлади.

Бу 2000 йилдан бери АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарлари ўртасида ўтказилган биринчи юзма-юз учрашув бўлди. 2000 йилда ўша пайтдаги Давлат котиби Мадлен Олбрайт Ким Чен Иннинг отаси Ким Чен Ир билан учрашган эди.

Аввалроқ Ким Чен Ин 25 мартдан 28 мартгача Пекинда бўлиб, Хитой раҳбари Си Цзинпинни Вашингтон ва Сеул қатор шартларни бажарган тақдирда Шимолий Корея ядровий қурол ишлаб чиқариш дастуридан воз кечишига ишонтиргани ҳақида хабарлар берилган эди. Ким Чен Ин Шимолий Корея раҳбари бўлган 2011 йилдан бери биринчи марта хорижга сафар қилди.

Хабарларга қараганда АҚШ ва Шимолий Корея раҳбарининг учрашуви май ойига режалаштирилган.