Google ва Facebook офисларини Тошкентда очиш масаласи муҳокама қилинди

Иллюстратив сурат.

Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтган Глобал Тадбиркорлик Конгресси доирасида Ўзбекистон расмийлари Google ва Facebook вакиллари билан учрашиб, Тошкентда мазкур ширкатлар ваколатхоналирин очиш масаласини муҳокама қилди.

Кун уз нашрининг 19 апрель куни хабар беришича, учрашувда Ўзбекистон томонидан Инновацион ривожланиш вазирлигининг Тадқиқотлар ва давлат ҳамда жамиятга инновацияларни жорий этиш бошқармаси бошлиғи Бекзод Ҳамзаев, Google ва Facebook томонидан ширкат бошқарув аппарати вакиллари Эркан Каптан ва Довон Эрнирлар иштирок этган.

Учрашувда Google ва Facebook вакиллари яқин кунларда Тошкентга келиб вазиятни ўрганишлари ва 2018 йилнинг охиригача ваколатхона очиш ташаббусини амалга оширишга келишиб олган.

“Учрашувдаги Google ва Facebook вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилаётган Q Box ва EduBook лойиҳалари учун кодлаштириш ва дастурий таъминоти контентини Ўзбекистонга тақдим этишларини билдиришди. Бепул тақдим этилаётган ушбу контент 2 йил давомида 3 ярим миллион доллар сарфлаб тайёрланган бўлиб, айни вақтда Туркиядаги IT дарслари айни унинг ёрдамида олиб борилади”, дейилади хабарда.