Башар Ассад Францияга Фахрий Легион орденини қайтарди

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги вакили Руминия элчихонаси ходимига Башар Ассадга берилган Фахрий Легион орденини қайтармоқда.

Ғарб давлатлари ҳарбий жиноятларни содир этганликда айблаётган Сурия президенти Башар Ассад Францияга Фахрий Легион орденини қайтариб берди. Ассадга мазкур орден Франция томонидан 2001 йилда топширилган эди.

Сурия Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Ассад Франция 14 апрель куни АҚШ ва Британия билан биргаликда Сурия ҳукумат кучлари манзилларини бомбардимон қилганига норозилик сифатида орденни топширган. Орден Руминиянинг Суриядаги элчихонасига қайтарилган. Руминия элчихонаси Сурияда Франция манфаатини тамсил этмоқда.

Бироқ Франция президенти Эммануэл Макрон ўтган ҳафтанинг душанба куни Париж Башар Ассадга берилган орденни бекор қилиш жараёнини бошлаганини эълон қилганди.

Ассад 2001 йилда отаси ўлимидан сўнг Сурия раҳбари лавозимига тайинлангач, Фахрий Легион ордени билан тақдирланган эди.

Франция ҳар йили мазкур орден билан бир неча юз хорижликни мукофотлайди. Фахрий Легион ордени Россия президенти Владимир Путинга ҳам берилган.