Сенат тўй-ҳашамларга оид қарор лойиҳасини муҳокама қилишда давом этмоқда

24 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш юзасидан ўтказилган жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши ўтказилган.

Сенат матбуот хизматининг билдиришича¸ мазкур йиғинда сенаторлардан ташқари Маданият¸ Ички ишлар ва Адлия вазирлиги, шунингдек Дин ишлари бўйича қўмита, Хотин-қизлар қўмитаси, Мусулмонлар идораси, Ёшлар иттифоқи каби давлат ва жамоат ташкилотлари ва журналистлар қатнашган.

Иштирокчилар¸ мазкур масалада жамоатчилик фикрини ўрганиш натижаларини, шунингдек фуқаролардан келиб тушаётган таклиф ва тавсияларни муҳокама қилган.

“Йиғилишда тўйхоналарнинг инфратузилмасини яхшилаш, масалан, автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини барпо этиш, кафе ва ресторанларга яқин ҳудудда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини бузмаслик, овоз даражаси учун қоида ва нормалар белгилаш, санитария-гигиена қоидаларига, озиқ-овқат маҳсулотлари сифат талабларига, хавфсизликка риоя этиш бўйича аҳолидан келиб тушган таклифлар атрофлича муҳокама қилинди”¸ дейилади расмий баëнотда.

2 март куни Озодликка юборилган аудиофайлда президент Шавкат Мирзиëев "эртага Сенат"нинг давлат амалдорларининг тўй-ҳашамларига боришини тақиқловчи қарори чиқажагини билдирган эди.

Аммо тўй-ҳашамлар ҳақидаги Сенат қарори лойиҳаси жиддий эътироз ва мунозарага сабаб бўлгани ортидан¸ 30 март кунги Сенат ялпи мажлисида бу лойиҳа бўйича кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш ва уларни ҳисобга олган ҳолда¸ қарор матнини бойитишга қарор қилинди.

Жорий ойда Ўзбекистондаги етакчи сўров маркази – “Ижтимоий фикр” гуруҳи мамлакат бўйлаб тўй-ҳашамлар масаласида сўров ўтказади ва ўз хулосаларини Ишчи гуруҳига тақдим этади.

Қарор лойиҳасининг қачон қабул қилинишига оид ҳозирча расмий маълумот йўқ.