Муборак туман халқ таълими раҳбари ҳибсга олинди

23 апрель куни Қашқадарё вилояти Муборак тумани Халқ таълими бўлими мудири Олим Хайруллаев 2,4 миллион сўм миқдорида пора олаётган вақтида Республика Бош прокуратураси қошидаги солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш Департаментининг Муборак бўлими вакиллари томонидан ҳибсга олинди.

“Муборак тумани Халқ таълими бўлими мудири Олим Хайруллаев тумандаги 1-сонли ўрта умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Н. Ўткировани ишга олиш учун 2 400 000 сўм пора олаётганида уюштирилган тадбир давомида ушланди¸” деди Қашқадарё вилояти ИИБ мулозими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

24 йиллик педагогик стажга эга бўлган 51 яшар Олим Хайруллаевга нисбатан Муборак тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Суднинг эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги ажримига кўра, Олим Хайруллаев қамоқда сақланмоқда.