Мирзиёев Пентагонда АҚШ Мудофаа вазири билан музокара ўтказади

Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев Вашингтонга 15 май куни етиб бориши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 май куни Пентагонга ташриф буюриб, АҚШ мудофаа вазири билан музокара ўтказади. Бу ҳақда маълум қилган президент матбуот котиби Комил Алламжонов АҚШ сафари чоғида Мирзиёев Капитолийда Конгрессменлар ва сенаторлар, шунингдек, Жаҳон банки президенти билан учрашиб, музокаралар олиб боришини билдирган.

15 май куни Ш. Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи бошланиши ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиши кутилмоқда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, икки давлат ўртасидаги музокаралар аввал тор доирада, кейин кенг доирада бўлиб ўтади. Кенг доирадаги музокараларда Ўзбекистон ва АҚШ расмий делегацияси вакиллари иштирок этади, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.