Ўзбекистонлик мусулмонлар Рамазон рўзасини тута бошлади

Ўзбекистонда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида бўлгани каби Рамазон ойи 17 майдан бошланди. Бу ойда мусулмонлар куннинг ёруғ пайтида ейиш-ичишва муошаратдан тийиладилар.

Кечадан эътиборан Ўзбекистондаги кўплаб масжидларда таровиҳ намозлари ўқилиб, Қуръони карим хатми бошланди.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида” қарор имзолаган, қарорга мувофиқ, республика бўйлаб барча ҳокимликлар ва “Нуроний” жамғармаси, маҳалла қўмиталарига бошқа жамоат ташкилотлари билан бирга "Рамазон ойини азалий анъана ва қадриятларимиз руҳида ҳар томонлама муносиб ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш" вазифаси юкланган.

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг хабар қилишича, президентнинг мазкур қарори асосида “Маданият ва Маърифат” телеканали Диний идора билан ҳамкорликда “Қуръони карим маърифати” номли янги кўрсатувни эфирга узатишни режалаштирган.