VOA: АҚШ ва Ўзбекистон таълим бўйича икки ҳужжат имзолади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида таълим соҳасида иккита англашув меморандуми имзоланди, дея хабар қилади “Америка овози” радиоси.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича идораси вакили Алис Велс имзолаган биринчи ҳужжатга кўра, АҚШ университетлари ва Марказий Осиёдаги олий ўқув юртлари ўртасида уч йиллик ҳамкорлик дастури жорий этилади. Дастур Ўзбекистондан туриб бошқарилади.

Иккинчи англашув меморандумида Ўзбекистонда инглиз тилини ўргатиш дастурлари учун қўшимча маблағ ажратиш кўзда тутилган. Бу дастурлардан университет талабалари, журналистлар, профессионаллар фойда кўради, инглиз тили ўқитувчиларининг малакаси оширилади, ўқитувчилар ва талабалар учун инглиз тилини ўрганишда онлайн имкониятлар берилади.

Ўзбекистон илгари АҚШнинг таълим ва илмий алмашинув дастурларида фаол қатнашган. Америка ҳукумати ажратган пул ҳисобига фаолият юритган IREX, ACCELS/ACIE ҳамда хусусий жамғарма ҳисобига ишлаган Очиқ жамият институти ёки Сорос жамғармаси каби ташкилотлар ёрдамида ўзбекистонлик ўқувчилар, талабалар ва профессионаллар АҚШ мактаблари ва олий ўқув юртларида ўқиган, малака оширган. Бироқ 2005 йилги Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон ҳукумати босими остида Америка таълим дастурлари аввал қисқара бошлади, сўнг эса батамом ёпилди.

Мирзиёевнинг АҚШга ташрифидан сўнг дастурларнинг қайта очилиш эҳтимоли бор. Ўзбекистон раҳбари ўз чиқишларида малакали кадрлар етишмаслиги ҳақида кўп гапирган, ҳатто ўтган йили Америкада яшовчи ўзбекистонлик профессионаллар билан Нью Йоркда учрашганида уларни Ўзбекистонга қайтиб, ишлашга даъват этган эди.