Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасига Раҳимберди Раҳмонов тайинланди

Раҳимберди Раҳмонов Тошкент шаҳар бош имом-хатиби этиб тайинлангани душанба куни пойтахтдаги "Минор" масжидида эълон қилинди.

Муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди домла Раҳмоновни вазифасидан ажралмаган ҳолда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги сайтининг ёзишича, муфтийнинг бу борадаги буйруғи билан 21 май куни Тошкентдаги “Минор” жоме масжидида диний идора раис ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур таништирган.

Раҳимберди Раҳмонов бу лавозимга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов бетоб бўлиб тургани сабабли Рамазон ойида диний соҳада айни иш ҳажмининг ортиши, кўплаб тадбирлар ва хайрли лойиҳаларда масъуллик юклатилиши муносабати билан тайинлангани айтилмоқда.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов инсультга чалиниб, шу йил 5 апрелида оғир жарроҳлик амалиётни бошдан кечиргани, шунингдек, май ойи бошида комадан чиққани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.